Ўзбекистонда исломий кучлар ҳокимиятга келишини истисно қилиб бўлмайди

Мы в СМИ
Аждар Аширович Куртов 1958 йилда Москва шаҳрида туғилган.

Бир неча олий ўқув юртида таҳсил олган.

Дастлаб Москва Давлат Педагогика институтининг тарих факультетини тугатган.

Москва Юридик академиясида ўқиган.

Москва Давлат Университетида илмий иш билан шуғулланган.

Сўнг қатор илмий-тадқиқот муассасалари ва давлат идораларида ишлаган.

Аждар Куртов 1994 йилдан буён Москвада нашр қилинадиган бу ерга босинг"Проблемы национальной стратегии" - "Миллий стратегия муаммолари" журналининг Бош муҳаррири ҳисобланади.

Бу журнал Россия Стратегик тадқиқотлар институтининг журнали.

Аждар Куртов ўзининг тадқиқот йўналиши Россия ташқи сиёсати, халқаро алоқалар муаммолари таҳлили эканини айтади.

У ўз тадқиқотларида сиёсий Ислом мавзусига тўхталган.

У Россиянинг Марказий Осиё билан алоқаларига бағишланган кўплаб мақолалар ва таҳлиллар муаллифидир.


Би-би-сининг бугунги меҳмони - россиялик таниқли сиёсий таҳлилчи Аждар Куртов.

Аждар Аширович, суҳбатимизни сиз кийиб суратга тушган миллий либослардан бошласак. Сиз қайси миллий либосдасиз?

Аждар Куртов: Бошимга кийганимни рус тилида "папаха" дейишади, туркманча эса "телпек". Мен Марказий Осиё мамлакатларидан келган кишилар билан учрашганимда, бу илмий анжуманлар бўлсин ёки маиший учрашувларда, улар эҳтиёткорлик билан менинг қайси миллат вакили эканимни аниқлаштиришга ҳаракат қиладилар. Менинг исму-шарифимдан улар дарров аниқлай олмайдилар ким эканлигимни. Мен шу нарсани айтишим мумкинки, ҳозир ҳам Марказий Осиёда "одамнинг қайси миллат вакили экани унинг дунёқараши, унинг мавқеи ва баҳоларига албатта таъсир кўрсатади", деган қаттиқ ишонч бор ва ана ўша ишончдан келиб чиқиб гап бошлашади. Ҳозир собиқ Шўро республикалари ўртасида мавжуд баҳсу-мунозараларни яхши билганларидан бу суҳбатдошларим менинг кимлигимни "аниқлаб олиб", кейин менинг кўнглимга тегмайдиган суҳбат қуришни истайдилар. Мен ўзим миллатимни яширмайман, лекин Интернетда мен ёзган мақолаларнинг тагида қолдирилган шарҳларни ўқиб, кулгим қистайди. Кимдир мени осетин, дейди, кимдир эса Қрим татар, яна биров фамилиямдаги ҳарфни ўзгартириб, Курд деб ҳам атайди. Аслида эса менинг қонимда кўп миллатларнинг қони бор. Она тарафдан менинг илдимзларим Россияда, ота тарафдан эса мен Туркманлар Така уруғиданман.

Би-би-си: Аждар Аширович, ота-онангиз ҳақида сўзлаб берасизми?

Аждар Куртов: Мен Москва шаҳрида туғилиб катта бўлганман. Бугунги кунда отам ҳам, онам ҳам оламдан ўтганлар. Онам Москвадаги олий ўқув юртларидан бирида умр бўйи кимё фанидан дарс берган. Отам журналист, ёзувчи бўлган. У бир умр Туркманистонда яшаган. Мен отамнинг ҳам, онамнинг ҳам изларидан бормадим. Мени асосан онам рус анъаналарига хос оилада вояга етказган. Мен бугунги куним учун онамдан миннатдор бўламан.

Би-би-си: Сиёсий таҳлилчиликни танлашингизга нима туртки берган?

Аждар Куртов: Тўғрисини айтсам, ҳаммаси тасодифан келиб чиққан. Мен ҳеч қачон ташқи сиёсат соҳасида ишлайман, ташқи сиёсатга доир ҳаракатларни ва халқаро муносабатни таҳлил қиламан, деб ўйламагандим. Мен Москвадаги олий ўқув юртларидан бирининг тарих факультетини тугатганимдан кейин тарихдан дарс бера бошладим. Менинг илмий қизиқишлари Россиянинг соф ички муаммоларига, сиёсий давлат қурилиши ва демократияни ривожлантириш жараёнларига қаратилган эди. Бу Совет замони эди. Кейин эса қайта қуриш бошланди, Шўролар Иттифоқи парчаланди. Бошқа ҳамма собиқ республикаларда бўлгани сингари Москвада ҳам кун кечириш қийин бўлиб қолди. Менинг олдимда икки вазифа турарди: биринчиси, пул топиш. Иккинчиси, мен дарс бераётган талабаларимга қандайдир қимматли ахборот, билим етказиб беришим лозим эди. Хуллас, мен касбимни ўзгартиришга қарор қилдим. Россиялик сиёсатчилардан биридан таклиф тушди. Давлат тизимида ишлай бошладим. Ишим оддий тилда айтадиган бўлсак, вазир ёрдамчиси эди. Бу одам бошқа ишга ўтган пайти мени ҳам олиб ўтди ва ўртамизда тахминан шундай суҳбат бўлди: "Сен Марказий Осиё бўйича бирор нарсани тушунасанми? Албатта, қонимда туркман қони бўлишидан қатъи назар, мен тарих ва юриспруденцияни ўрганганман ва Шарқ дунёси қандай дунё экани, хусусан Марказий Осиё ҳақида тасаввурга эгаман. Жуда яхши. Унда Марказий Осиё билан шуғулланасан". Шундай қилиб, бу менинг ўзимнинг истагим билан эмас, тасодиф билан бўлиб кетган. Ҳаёт бизга ана шунақа кутилмаган нарсалар ҳадя қилиб туради.

Би-би-си: Тошкентдан бизга Ҳожи Аҳмад исми билан савол юборган ўқувчимиз сиз Ўзбекистонни Гулнора Каримова бошқаришини қандай тасаввур қилишингиз билан қизиққан. Яна бир неча муштариймиз ҳам Ўзбекистонда воқеалар қандай ривожланиши мумкинлиги билан қизиқишган.

Аждар Куртов: Мени кўпинча таништиришаётган пайт политолог деб тақдим қилишади. Бизнинг собиқ Шўро мамлакатларимизда политологларни қандайдир шахслар, сиёсатчилар ҳақида башоратларни илгари суришни яхши кўрадиган мутахассислар деб билишади. Мен эса, тўғрисини айтсам, аксинча башорат қилишни ёмон кўраман. Нега деганда, башорат қилиш осон. Кейин эса бу башоратинг учун ҳеч қандай жавоб бермайсан. Менинг назаримда кенг омма олдида башорат қиладиган политологларнинг ҳаммаси ҳам ўзининг айтган сўзи учун масъулиятни ҳис қиладиган кишилар эмас. Аммо бу дегани мен саволдан қочаётганимни англатмайди. Бу саволга жавобимни олдин ҳам айтганман. Мен ўйлайманки, Гулнора Каримова биз шартли қилиб "ворис" деб атайдиган тушунчадаги шахсга мос келмайди. Тўғри, бундай версия жуда кўп муҳокама қилинаяпти. Бунинг сабаби эса оддий. Биз ҳозир Марказий Осиёнинг қатор мамлакатларида кўраётган сиёсий тузумлар Осиё мамлакатларида бир неча минглаб йиллар давомида мавжуд бўлиб келган ҳокимиятларнинг кўринишидир. Яъни, ҳукмдор ҳокимиятни ўзидан кейинги авлодига топшириб келган. Гулнора Каримованинг сиёсий ворис бўлишига тўсқинлик қиладиган қатор ҳолатлар мавжудлигини биз ёддан чиқармаслигимиз керак. Авваламбор, мамлакат Шарқ мусулмон мамлакати. Мусулмон мамлакатда эса аёл кишининг раҳбарлиги табиий ҳолатдан кўра кўпроқ истисно бўлади. Тўғри, Беназир Бҳутто раҳбар бўлган, бир замонлар Қирғизистонда Қурбонжон Додҳо. Яна кимни мисол қилиб келтира оламиз. Мусулмон кишининг дунёқараши, анъанавий мусулмон жамияти аёл кишини мамлакатнинг раҳбари сифатида қабул қила олмайди. Мана шу омил Гулнора Каримованинг президентлик лавозимини эгаллаш истаклари йўлидаги жиддий чегараловчи бўлиб хизмат қилади. Бошқа томондан собиқ СССР мамлакатлари орасида ҳокимият отасидан фарзандига қолдирилган мисол ҳаммага маълум. Бу Озарбайжон мисоли. Гейдар Алиев вафот этганидан кейин унинг курсисини ўғли Илҳом Алиев эгаллади. Бироқ Гейдар Алиев ақлли одам эди, ҳеч ким буни инкор қила олмайди. Бу алмашувни Гейдар Алиев ҳали тирик бўлган пайти йиллаб тайёрлади. Бошида у ўғли Илҳомни қудратдаги партия "Янги Озарбайжон" партиясининг сафига киритди. Партия раҳбарларидан бирига айланди. Парламент аъзоси бўлди. Давлат ҳайъатлари таркибида ўзи билан бирга олиб юриб, ўғлини бошқа мамлакатларнинг раҳбарларига таништирди. Мамлакатни бошқариш ишларини ўргатди. Кейин эса уни ҳукумат раҳбари этиб тайинлади. Хуллас, бу узоқ йиллар давом этди. Энди эса Гулнора Каримованинг қандай лавозимларни эгаллаганига назар солайлик. У Ўзбекистон дипломатиясида қатор лавозимларни эгаллади. Лекин бу лавозимлар Ўзбекистондаги энг юқори ўнлик ичидаги лавозимлар ҳам эмас эди. Агар Ўзбекистондаги энг баланд 10 лавозимдан бирини эгаллаганида буни отасининг ўз ўрнига қизини қўймоқчи бўлаётганининг бир белгиси сифатида кўриш мумкин эди.

Ўзбекистондан Баҳодир шундай савол берипти: Ўзбекистонда исломий кучлар ҳокимиятга келишлари мумкинми?

Аждар Куртов: Назарий жиҳатдан воқеаларнинг бундай ривожланишини истисно қилиб бўлмайди. Биз ҳаммамиз дунё мамлакатларида охирги пайтда нималар юз бераётганини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз-ку. Мен ҳар доим Ўзбекистоннинг исломийлашиши муқаррар, деган фикрда бўлиб келганман ва ҳозир ҳам шу фикрдаман. Нега? Чунки Ўзбекистон тарихан Ислом маркази бўлиб келган. Агар ҳатто ҳамма динлар тақиқланган даҳрий Шўролар Иттифоқи замонини олсангиз ҳам энг муҳим ва обрўли исломий ўқув муассасалари Ўзбекистонда бўлган. Ислом динида мўътабар ҳисобланадиган қатор иншоотлар айнан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган. Тарихан бутун мусулмон дунёси ҳисоблашадиган исломий фикр ва ҳурматли мутафаккирлар шу ердан етишиб чиққан. 1980 йиллар охири-1990 йиллар бошларида коммунистик мафкурадан воз кечилиб, мафкуравий бўшлиқ пайдо бўлганда нималар юз берди? Ўзбекистон ва унга қўшни бўлган собиқ Шўро республикаларига турли-туман диний адабиёт ва даъватчилар оқиб кирди. Ахир улар ўзлари учун яратилган тарихий имкониятни қўлдан бой беришни истамас эдилар. Бунинг устига бутун иқтисодиёт таназзулга юз тутган ва сиёсатчиларга ҳам пул жуда зарур замонлар эди. Диний даъватчилар билан бирга анча-мунча пул ҳам кириб кела бошлади. Бу даъватчилар эса ҳар доим ҳам Марказий Осиё ҳудудларида асрлар давомида мавжуд бўлиб келган анча бағрикенг Ханафийлик мазҳаби ғояларини эмас,босқинчи, тажовузкор Исломни тарғиб эта бошладилар. Бундай таъсир салбий таъсир бўлиши мумкинлигини исботлайдиган қатор омиллар бор. Энди исломий сиёсий кучларнинг ҳокимиятга келиши мумкинми, деган саволга қайтадиган бўлсак, мисол тариқасида Туркияни олайлик. Ҳали 1990 йиллар бошларида илмий асарлар ва хусусан матбуотда ҳам аҳолисининг аксар қисми мусулмон эканлигига қарамасдан, бошқа мусулмон мамлакатлардан фарқ қилиб, муваффақиятли демократик жамият қураётган Туркия дунёвий давлат экани мақталар эди. 2002 йилда эса сайловда кўп овоз тўплаб, Туркия парламентида кўп ўринни "Адолат ва Тараққиёт партияси" эгаллади. "Адолат ва Тараққиёт партияси" - мўътадил исломий партия. Ҳозир эса биз Туркиядаги охирги ҳодисалар жамиятни иккига бўлиб қўйганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Турк жамиятидаги айримлар Бош вазир Эрдўғон билан Президент Абдулла Гулни салкам диктаторга чиқармоқда, бу сиёсатчиларнинг Туркияни янада исломийроқ мамлактга айлантириш истаклари мамлакатни алғов-далғов қилмоқда. Ёки ўнлаб йиллар мобайнида ҳарбийларнинг қаттиқ назоратида остида бўлиб келган Мисрдаги охирги йиллардаги ҳодисаларга қаранг. У ерда ҳам исломий "Мусулмон Биродарлар" ҳокимиятга келди. Миср ҳам худди Ўзбекистон каби бутун мусулмон оламида мўътабар ҳисобланган исломий марказлари кўп мамлакатдир. Шунингдек, дунёвий давлат қандай сиёсат юритиши ҳам исломчиларнинг ҳокимиятга келиши ёки келмаслигига таъсир кўрсатадиган асосий омилдир. Агар дунёвий ҳукуматнинг сиёсати жамиятнинг аксар қисмига ёқса, исломий кучларнинг келиши мушкул. Агар жамиятда дунёвий ҳукумат сиёсатидан норозилик кучайса, бундай сиёсатга қарши Қуръон оятлари ва ҳадисларни осонлик билан топиб келиб, мусулмонларни кўтариш ҳам осонлашади. Бу норозиликларни эса фақат куч ва босим ўтказиб, полиция аппарати билан бостириб туришга интилиш самарасиз иш. Бунинг уддасидан ҳарбий нуқтаи-назардан қудратли мамлакатлар ҳам чиқолмаган.